Жамиятда ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, шаъни, нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўришга йўналтирилган қарор лойиҳаси тайёрланди. У март ойида муҳокамага қўйилиб, куз ойларида қабул қилинади. Халқ таълими вазири У.И.Иноятов KUN.UZ мухбирининг ўқитувчи ва унинг жамиятдаги ўрнига доир саволига жавоб берар экан, шу ҳақида маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, мазкур қарорда узоқ ҳудудларда ишлаш истагини билдирган ўқитувчиларга имтиёзлар яратиш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш, ўз фаолиятларини олиб боришлари учун қўшимча имтиёзлар бериш, жамиятда ўқитувчининг нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўришга йўналтирилган қарор лойиҳаси тайёрланган, у муҳокамадан ўтгандан кейин қабул қилинади.

“Бу савол жуда долзарб. Бу ҳар биримизнинг ичимиздаги савол. Ҳар бир ўқитувчининг дилида турган, кўнглини оғритаётган савол. Бундай ҳолатлар билан барчамиз биргаликда курашишимиз керак. Ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан бажариши керак. Муҳтарам юртбошимиз шу вазифани олдимизга қўйганлар”, – дейди вазир.

Шу ўринда таълим тизими соҳасида фаолият юритувчилар ва талабаларнинг қишлоқ хўжалигига жалб қилиниши тўхтатилгани қайд этилди. Металлолом бўйича ҳам Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқариб, бу ишни тақиқлаб қўйгани ва кимда ким унга қарши чиқса, жазоланиши белгилаб қўйилгани таъкидланди.

“Бироқ ҳали-ҳануз бу масалада камчиликлар бор, баъзи педагог ходимларни уларнинг лавозимига хос бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолатлари учраб туради. Бу бўйича қаттиқ кураш олиб боряпмиз. Буни ҳаммамиз биргаликда олиб борсак, янада самарали натижа беради”, – деди У.Иноятов.

Вазир соҳадаги камчиликларни тан олар экан, уларга қарши барчани – раҳбарлар, ота-оналар, ўқитувчилар, ОАВни биргаликда курашишга чорлади.